Тошкент-2025: Кун тартибида ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларини трансляция қилиш ва ёритиш масалалари
Бугун Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида яна бир муҳим йўналиш — мусобақани ёритиш ва унинг трансляциясини ташкил қилиш бўйича учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Абдурашид Жўрабоев, МТРК раисининг техник ва технологик масалалар бўйича биринчи ўринбосари Нусрат Ҳикматуллаев ва Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимовлар иштирок этишди.
Сир эмаски, бу каби йирик комплекс мусобақаларда мазкур йўналиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан яқинда Осиё Олимпия кенгашининг махсус комиссияси Тошкентга ташриф буюриб, ҳар бир йўналишда Ўйинларга кўрилаётган тайёргарликни кўздан кечирган эди.
Бугунги кунга қадар 3 та хорижий компания мусобақалар трансляциясини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдиришган. Учрашув давомида ушбу компаниялар томонидан берилган таклифлар ҳам муҳокама этилди. Бундан ташқари, коммуникация, маркетинг, интернет орқали ёритиш масаласида ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Якунда бу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, мусобақа трансляцияси билан шуғулланадиган компания вакиллари учун Олимпия шаҳарчаси ҳудудидан махсус штаб ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.