Ру En O'z
1 Ноябрь 2024 517

Ойбек Касимов ANOC Бош Ассамблеясида иштирок этмоқда

Айни кунларда Португалиянинг Кашкайш шаҳрида Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси (ANOC)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбирда Ўзбекистон номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев иштирок этишяпти.

Бош Ассамблеянинг биринчи кунида Олимпия оламида сўнгги икки йилда рўй берган муҳим воқеликлар, Олимпия бирдамлиги дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Унда Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах сўз олиб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия, Милан-Кортина-2026 қишки Олимпия ҳамда Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик бўйича ташкилий қўмиталарнинг ҳисоботи тингланди.

Ойбек Омилович тадбир доирасида Томас Бах, шунингдек, Иордания шаҳзодаси Файсал Ал Ҳусайн, Халқаро велосипедчилар иттифоқи Президенти Давид Лапартен, Халқаро гимнастика федерацияси Президенти Моринари Ватанабе каби ХОҚ Президентилигига ўз номзодини қўйган мутасаддилар билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичлари ҳақида суҳбатлашди. Қолаверса, Марказий Осиё мамлакатларидаги МОҚ раҳбарияти билан минтақада соҳа тараққиётига оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди. Самимий руҳда ўтган суҳбатларда O.Касимов мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида Олимпизм ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида АНОС ўз талқинига кўра йилнинг энг яхшиларини эълон қилди ва турли йўналишларда муносиб деб топилган спортчилар тақдирланишди. Бош Ассамблея бугун ўз ишини якунлайди.

Text to speech