“Universal Jumping Agro” хорижлик экспертлар нигоҳида
Тошкентда ўтган конкур бўйича “World Challenge Final” мусобақасидан сўнг Халқаро от спорти федерациясининг экспертлари мамлакатимизда қолиб, ушбу спорт ривожи йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишмоқда. Мазкур гуруҳга “FEI solidarty" департаменти раҳбари Андреина Видрайхтигер бошчилик қилмоқда.
Мутахассисларни “Universal Jumping Agro” мажмуаси қизиқтириб қўйди. Сўнгги даврда йирик халқаро мусобақаларни юқори савияда ўтказаётган ушбу комплекс жаҳон стандартларига жавоб бериши, у ерда отларнинг яшаши учун ёруғлик даражаси меъёрида экани ва уларга сифатли озуқалар берилиши, қолаверса, чавандозлар учун ҳам барча қулайликлар яратилгани таъкидланди. Шунингдек, Андреина Видрайхтигер бундай шароит от спорти ривожланган дунёдаги барча давлатларда ҳам мавжуд эмаслигини алоҳида тилга олди.
Қайд этиш жоиз, ҳозирда мажмуанинг баъзи қисмларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Комплекс тўлиқ қувватда ишга тушганидан кейин у ерда янада юқори даражадаги турнирларни ўтказиш имконияти пайдо бўлади.