Ру En O'z
29 Октябрь 2024 211

Велоспорт фахрийсининг жасорати эътироф этилди

Ватандошимиз Хурсанд Шеров бир неча йиллардан бери велосипеддаги ўзининг ажойиб саёҳатлари билан шуҳрат қозонган. Бу йил ҳамюртимиз яна бир улкан сафарни амалга оширди. Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон-Қозоғистон-Россия-Мўғулистон давлатлари бўйлаб саёҳатини бошлаган Хурсанд Нурхонович 10 минг кмдан ортиқ йўл юриб, 7 октябрь куни ўз уйига қайтди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур сафар таассуротларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги спорт фахрийлари, Хурсанд Шеровнинг яқинлари ва ёш велосипедчилар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Шарифжон Фузайлович ҳамда Баҳодир Махситович 66 ёшли Хурсанд Шеровнинг соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, кун қаҳрамонига эсдалик совғаларини тақдим қилишди. Шунингдек, бир неча фахрийлар сўз олиб, Х.Шеровнинг бундай ташаббуси ёшлар учун ўрнак ва мотивация бўлишини таъкидлашди.

Ўз навбатида, Хурсанд Нурхонович давлатимиз раҳбари илгари сураётган соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш, келгусида янги манзиллар бўйича бундан ҳам йирик сафарларни амалга оширишни ният қилганини билдирди.

Text to speech