Тошкентда ёш спортчилар Бутунжаҳон дзюдо кунининг шукуҳидан баҳра олишди
“Tashkent City Mall” савдо мажмуасида Бутунжаҳон дзюдо кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Юзлаб ёш дзюдочилар ҳамда ҳамюртларимизга кўтаринки кайфият бағишлаган ушбу маросимда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, ўзбек дзюдосининг юлдузлари ва бошқа расмийлар иштирок этишди.
Тадбирни Шаҳрулло Шарипович ҳамда Ойбек Омилович очиб беришар экан, дзюдо бугунги кунда мамлакатимиз ёшларининг севимли спорт турларидан бирига айланиб бораётгани, ёзги Олимпия ўйинларида олтин медаль қўлга киритган илк аёл атлетимиз айнан ушбу спорт тури вакили экани, қолаверса, делегациямизнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидаги оламшумул натижасига дзюдочиларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Байрам давомида Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова ҳамда бронза медали соҳиби Музаффарбек Тўрабоев ёш спортчиларга маҳорат сабоқларини кўрсатишди. Шунингдек, Д.Келдиёрова Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган кимоносини хайрия жамғармасига совға қилди. Кимоно кимошди савдосига қўйилади ва ундан тушган маблағ хайрия қилинади.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Илиас Илиадис ва Музаффарбек Тўрабоев ўз нутқларида олдинга қўйилган мақсадга эришиш йўлида тинмай меҳнат қилиш кераклиги, мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилгани ҳақида тўхталиб, ёш спортчиларга мотивация беришди.
Тадбирнинг якуний қисмида анъанага мувофиқ болажонларга ширинликлар улашилди.