Ру En O'z
16 Октябрь 2024 921

Мувофиқлаштирувчи қўмита Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш ишлари билан танишди

Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг ишчи гуруҳи бугун пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Тошкент-2025 дирекцияси директори, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди.

Ойбек Омилович даставвал шаҳарчанинг қурилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Унда 2022 йилнинг 9 ноябрь куни Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ушбу улкан мажмуага тамал тоши қўйилгани, бугунги кунга келиб, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан шаҳарча қурилиши мана шундай кўринишга келгани ҳақида гапириб ўтди. Экскурция давомида МОҚ Бош котиби ҳар бир объектнинг таснифлари, бўлажак Ўйинлар давомида қайси мусобақаларни қабул қилиши ҳақида батафсил маълумот берди. Қолаверса, майдонларни жиҳозлашда энг сўнгги технологиялардан фойдаланиши ва комплексни ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик кластерга айлантириш кўзда тутилганини билдирди.

Ўрганиш ишлари давомида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Шундан сўнг меҳмонлар Олимпия шаҳарчаси яқинида жойлашган “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, давлатчилигимиз тарихи ва миллий қадриятларимиз яқиндан танишдилар. Шунингдек, Ўйинлар учун қурилаётган янги меҳмонхоналар ва мусобақа иштирокчилари яшаши кўзда тутилган “Central Аsia” университети ётоқхонаси ҳам кўздан кечирилди.

Text to speech