Ру En O'z
17 Октябрь 2024 143

Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик ОАВ ходимлари нигоҳида

Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасидаги объектларда келаси йил оғир атлетика ва волейбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Бу ҳақида Тошкент-2025 дирекцияси директори, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг ўрганиш ишлари якунига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди. Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ўтган тадбирда Халқаро Хоккей Федерацияси Президенти, ООК координацион қўмитаси раиси Тайяб Икрам, ООК Бош директори ўринбосари Винод Кумар ва Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳам иштирок этишди.

Даставвал, Тайяб Икрам ўз хулосалари билан ўртоқлашди. Мутахассис амалга оширилаётган лойиҳалар давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганидан мамнун эканини билдирди. Қолаверса, Спорт вазирлиги, МОҚ ва федерациялар биргаликда катта ҳажмдаги иш олиб бораётгани, бундай мусобақани ўтказиш орқали Ўзбекистондаги спорт инфратузилмасини яхшилаш ва терма жамоаларимиз, ёшларимиз учун энг замонавий иншоотларни тақдим этиш кўзда тутилганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Винод Кумар ҳам ижобий фикрлар билан ўз хулосаларини баён этди. Унга кўра, юртимизга сўнгги ташрифи билан таққослаганда жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлгани, Олимпия шаҳарчасининг қурилиш жараёни ҳам юқори темпда кетаётгани, Ўйинлардан олдин пойтахтимизда ООКнинг Ижроия қўмита йиғилиши, Бош Ассамблеяси каби нуфузли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ойбек Омилович қатор мавзулар ҳақида фикр билдирди. Хусусан, мувофиқлаштирувчи қўмита билан тайёргарлик бўйича барча йўналишлар муҳокама қилиб олингани, бевосита Ўйинлардан олдин янги ареналарда оғир атлетика ҳамда волейбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, сузиш, енгил атлетика, триатлон, велоспорт бўйича синов мусобақаларини ташкил этиш орқали янги иншоотларни тестдан ўктазиш кўзда тутилгани ҳақида тўхталди.

Қолаверса, Шаҳрулло Шарипович юртимиз шу пайтгача айни бир спорт бўйича жаҳон чемпионатларини юқори савияда ўтказиб келгани, бироқ бундай катта масштабдаги комплекс мусобақани биринчи бор қабул қилишимиз улкан масъулият юклаётгани, давлатимиз тайёргарлик билан боғлиқ барча жараённи тўла қўллаб-қувватлаётгани ҳақида сўз олди.

Анжуман давомида ОАВ ходимлари транспорт-логистика, IT, маркетинг ва медиа каби йўналишлар бўйича ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Text to speech