Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича Мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилиши ўтказилмоқда
Бугун Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Мувофиқлаштирувчи қўмитасининг ишчи гуруҳи йиғилиши ўз ишини бошлади. Унда Мувофиқлаштирувчи қўмита аъзолари Халқаро Хоккей Федерацияси Президенти, ООК координацион қўмитаси раиси Тайяб Икрам, ООК ва Қатар МОҚ вице-президенти Тани Абдулраҳмон Ал-Кувари, ООК Ижроқўм аъзоси, Саудия Арабистони Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари вице-президенти Шаҳзода Фаҳад Ал-Жалави Ал-Сауд, Тошкент-2025 дирекцияси бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Тошкент-2025 дирекцияси бошқарув кенгаши ҳамраиси, ООК вице-президенти Отабек Умаров, Тошкент-2025 дирекцияси директори, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти ҳамда бошқа расмийлар иштирок этишди.
Тадбирни Ойбек Касимов олиб борди. Очилиш қисмида сўз олган Адҳам Икрамов ва Отабек Муҳаммадалиевич давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан юртимизда бўлажак мусобақага катта тайёргарлик олиб борилаётгани, Тошкент-2025 қитъамиз ёшлари учун унутилмас хотираларга бой бўладиган мусобақа бўлишини таъкидлашди. Ўз навбатида, ООК делегацияси тайёргарлик жараёнига юқори баҳо бериб, Ўзбекистон ушбу мусобақани юқори савияда ўтказишига ишонч билдиришди.
Бугун кун давомида Тошкент-2025 дирекцияси вакиллари турли йўналишларда олиб борилаётган тайёргарлик бўйича тақдимот қилишади. Эртага эса ишчи гуруҳ барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишади. Шунингдек, ўрганиш ишлари хулосаси бўйича Олимпия ва Паралимпия музейида ОАВ билан матбуот анжумани ўтказилиши кўзда тутилган.