Стол теннисида Хитойнинг гегемонлиги тугадими?
Қозоғистоннинг Астана шаҳри 6-13 октябрь кунлари стол тенниси бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Ушбу қитъа биринчилиги минтақамизда етакчи давлат ўзгарганини кўрсатди. Хитой терма жамоаси 50 йиллик танаффусдан кейин ўзлари қатнашган Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчиликни бой берди.
Якуний рақамларга тўхталадиган бўлсак, Япония терма жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлди. Чин юрти вакиллари эса бу гал 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 1 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Шубҳасиз, ўтган йили барча дастурдаги олтин медалларни ҳеч кимга бермаган терма жамоа учун бу у қадар юқори кўрсаткич эмас. Айниқса, бу ўзлари иштирок этган Осиё чемпионатида сўнгги 50 йилликдаги энг ёмон натижалари бўлса.
Хитой сўнгги бор 1974 йил ўзи қатнашган мусобақада энг кучли жамоа бўла олмаган эди. Тўғри, 2021 йилги қитъа биринчилигида ҳам японлар биринчи бўлишган. Бироқ унда коронавирус пандемияси сабаб Хитой термаси мусобақага ташриф буюрмаган.
Ушбу Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишди. Ҳамюртларимиз гарчи шоҳсупага кўтарила олмаган бўлсалар ҳам ўзлари учун улкан тажриба тўплашди.