Тошкент-2025: Эътибор марказида яна бир муҳим йўналиш
Бугун Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида яна бир аҳамиятли учрашув ташкил этилди. Унда айни пайтда Тошкентда бўлиб турган Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг IT аудит ва медиа бўлими ишчи гуруҳи ҳамда “Bornan Sports Technology” компанияси вакиллари билан соҳага оид қатор мавзулар муҳокама қилинди. Учрашувда Ойбек Касимов бошчилигидаги МОҚ ва Ўйинларни ўтказиш дирекцияси ходимлари иштирок этишди.
Суҳбатда хориж ширкати комплекс мусобақаларни ташкил этиш бўйича ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда рақамли технологиялар билан ишлаш бўйича тушунча берди. Мазкур йўналиш мутахассислар томонидан ҳар бир объект кесимида батафсил кўриб чиқилди.
Шунингдек, меҳмонлар Ўйинларнинг пиар ва маркетинг йўналишлари бўйича ўз тақдимотларини намойиш қилишди. Унда Ўйинлар шиори бўйича қатор намуналар кўрсатилиб, уларнинг мазмуни очиб берилди. ООК Ахборот технологиялари департаменти вакили Нақви Аҳмед Афтаб ўз тақдимотида Тошкентга ташриф буюрадиган меҳмон аэропортга қадам қўйиши биланоқ мусобақа нафасини сезиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун шаҳардаги кўплаб нуқталарни мусобақанинг шиор ва рамзлари билан безатиш каби таклифлар кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида барча ижодий ишларда бой ўзбек маданияти ва санъатига оид атрибутлардан фойдаланиш муҳимлиги алоҳида тилга олинди. Шунингдек, Ўйинларнинг пиар стратегиясини яратиш, турли флешмоблар ўтказиш, бу орқали Тошкент-2025 нинг ўзига хос имижини яратиш бўйича фикр билдирилди.