Ру En O'z
9 Октябрь 2024 628

“Тошкент йўлбарси”нинг 75 йиллиги бокс дарғалари билан нишонланди

2 октябрь куни “Тошкент йўлбарси” номи билан шуҳрат қозонган афсона, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган ўзбекистонлик биринчи боксчи Руфат Рисқиев қутлуғ 75 ёшни қарши олган эди. Бугун пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ушбу юбилейга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, бокс фахрийлари ва кун қаҳрамонининг яқинлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган расмийлар Руфат Асадовичнинг ўзбек бокси ривожига қўшган ҳиссаси, унинг кўплаб маҳоратли шогирдларни етиштиргани, афсонавий боксчимизнинг спортда кўрсатган юксак матонат ва жасорат каби хислатлари бугунги ёшларга ўрнак бўлишини алоҳида таъкидлашди ва эсдалик совғаларини тақдим қилишди. Тадбир давомида кўплаб спорт фахрийлари ва бошқа меҳмонлар ҳам Руфат Асадовични юбилей айём билан қутлаб, унга узоқ умр ва сиҳат саломатлик тилашди.

Маълумот учун, Руфат Асадович Рисқиев 1949 йил 2 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиб, дунё биринчилигида ғалаба қозонган илк ўзбек боксчиси бўлиб тарихга кирди. Шунингдек, Руфат Асадович Монреаль-1976 ёзги Олимпия ўйинларининг кумуш медаль соҳиби ҳисобланади. Унинг ўзбек бокс мактаби шаклланишидаги хизматларини ҳисобга олган холда 2019 йилдан эътиборан бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши иштирокчисига Руфат Рисқиев совринини топшириш йўлга қўйилди. Руфат Рисқиевнинг кўп йиллик меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган бўлиб, 2020 йил Президентимиз томонидан тақдим этилган “Дўстлик” ордени у кишининг шахсий мукофот ва совринлар коллекциясини яна биттага бойитган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси яна бир бор бокс афсонасини юбилей айёми билан самимий қутлаб, унга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаб қолади.

Text to speech