World Boxing Президенти Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди
Бугун World Boxing Президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ҳамда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов қарши олишди.
Даставвал жаноб ван дер Ворстга МОҚнинг фаолияти, ўзбек спортининг шонли тарихи ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг томонлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Йиғилишда World Boxing Президенти ташкилот фаолияти, унинг мақсадлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бугунги кунга келиб, 49 давлат ушбу халқаро федерацияга аъзо бўлиб, бокс ривожи бўйича келгусида қатор истиқболли лойиҳалар режалаштирилган.
Суҳбат давомида бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида 7 та вазндан 5 тасида олтин медални қўлга киритгани, бугунги кунда Ўзбекистон бокс оламида жаҳонда етакчилардан бири экани ҳам тилга олинди. Қолаверса, расмийларимиз бокснинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолиши тарафдори эканини билдиришди.