Ру En O'z
5 Октябрь 2024 234

Тошкент-2025 ёшлар Пара Осиё ўйинларининг тайёргарлик жараёнига бағишланган йиғилиш бошланди

Бугундан Пойтахтимиздаги «Hilton» меҳмонхонасида Тошкент-2025 ёшлар Пара Осиё ўйинларини ўтказиш учун мувофиқлаштирувчи комиссиянинг 1-йиғилиши ўз ишини бошлади. 7 октябрга қадар давом этадиган ушбу тадбирда бўлажак мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик жараёни атрофлича кўриб чиқилади.

Тадбирнинг очилиш қисмида Мажид Рашид бошчилигидаги Осиё Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ва бошқа расмийлар иштирок этишди.

Ўзбекистон томони давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан мусобақага изчил тайёргарлик олиб борилаётгани, Олимпия ва Паралимпия шаҳарчасидаги қурилиш-монтаж ишларининг катта қисми якунлангани ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, Тошкент-2025 дирекцияси ходимлари Ўйинларни ўтказиш бўйича дастур лойиҳаси тақдимотини ўтказишди. Ўз навбатида, жаноб Рашид юртимизда кўрилаётган тайёргарликка юқори баҳо бериб, жараёндан кўнгли тўқ эканини қўшимча қилди.

Бугун кун давомида бир қатор муҳим йўналишлар бўйича фикр алмашилди. Дастурга кўра, расмийлар эртага Олимпия ва Паралимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, жараённи бевосита кузатишади.

Text to speech