Ру En O'z
4 Октябрь 2024 407

Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик вазирлик ҳайъати йиғилишининг асосий мавзуларидан бўлди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, шунингдек, спорт федерациялари ва ассоциациялари расмийлари ҳамда вилоят спорт бошқармалари бошлиқлари иштирок этишди.

Даставвал, Адҳам Илҳамович Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритилган ютуқ ва шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар хусусида сўз юритди. Бундан ташқари, янги бошланган Олимпия циклини муносиб ўтказиш, бунинг учун мавжуд ресурслардан мақсадли фойдаланиш ва барчадан ўз вазифасига масъулият билан ёндашиш зарур эканини таъкидлади. Шунингдек, у қиличбозлик, велоспорт, енгил атлетика каби спорт турларини янада ривожлантириш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар учун Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда Ўйинлар дирекцияси, мусобақа саналари ва улар ўтказиладиган иншоотлар, дастурдан ўрин оладиган спорт турлари, шунингдек, масъулларга юклатилган вазифалар, аккредитация масалалари юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Шундан сўнг Отабек Муҳаммадалиевич хам бир қатор мавзулар бўйича фикр билдирди. Жумладан, у Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини ўзбек мехмондўстлиги, узоқ йиллик шонли тарихи ва маданиятини намоён қилган холда ўтказиш лозимлигини айтиб ўтди. Қолаверса, тайёргарлик жараёни режа билан кетаётгани, муҳтарам Президентимизнинг саъй-харакатлари билан диёримизда барча соҳалар, айниқса, спорт жадал суръатларда ривожланаётганини айтиб ўтди. Сўз якунида Отабек Мухаммадалиевич янги Олимпия циклида барчага омад ва куч-ғайрат тилади.

Тадбир сўнгида Адҳам Икрамов Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларининг маскот ва логотипларининг расмий тақдимотини ўтказиш бўйича таклифни илгари сурди. Шунинг билан Ҳайъат йиғилиши ўз якунига етди.

Text to speech