Ҳусайн Ал Мусалламнинг кейинги манзили Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейи бўлди
Айни пайтда Осиё Олимпия кенгаши директори, Бутунжаҳон сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам Тошкентда бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Мартабали меҳмон пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида расмийлар билан учрашув ўтказди.
Унда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.
Жаноб Мусаллам даставвал ўрганиш ишлари бўйича ўз хулосалари билан ўртоқлашди. Унда тайёргарлик яхши кетаётгани, Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш ишлари бир маромдалиги, шунингдек, ташкилий ишлар ҳам кўнгилдагидек йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, эътибор қаратилиши керак бўлган қатор масалалар бўйича ҳам ўз тавсияларини бериб ўтди. Шу жумладан, расмийларимиз ҳам бўлажак Ўйинларга катта ҳажмда тайёргарлик кўрилаётгани, жараён шахсан Президентимизнинг назорати остида эканини билдиришди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичига оид қатор истиқболли режаларни кўриб чиқишди.
Шундан сўнг Ал Мусаллам замонавий қиёфа очган музей билан яқиндан танишди. Унда меҳмонга ўзбек спортининг шонли тарихи, бугунги кундаги муваффақиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Якунда у фахрий меҳмонлар китобига ўз дил изҳорларини ёзиб қолдирди.