Ҳусайн Ал Мусаллам Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик билан танишмоқда
Бугун Осиё Олимпия кенгаши Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам пойтахтимизга ташриф буюрди. Мартабали меҳмон сафари давомида Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик билан батафсил танишиб чиқяпти.
Хусусан, куннинг биринчи ярмида пойтахтимизда барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида бўлиб, қурилиш ишларининг бугунги ҳолатини ўрганди. Унга МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда қурилиш ишларига масъул Хитойнинг “CAMC engineering” компанияси вакиллари ҳамроҳлик қилишди. Ойбек Омилович меҳмонга давлатимиз томонидан лойиҳа тўла-тўкис қўллаб-қувватланаётгани, жараён режа бўйича кетаётгани хусусида маълумот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ташкилий ишлар бўйича учрашув ўтказилди. Йиғилишда Тошкент-2025 дирекцияси ходимлари Ўйинларга тайёргарлик юзасидан тақдимотни намойиш қилишди.
Унда олиб борилаётган катта ҳажмдаги ҳозирлик, Ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари ва улар ўтказиладиган объектлар, делегацияларнинг таҳминий сони, транспорт-логистика масаласи ва шу каби ташкилий мавзулар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз ўрнида, Ҳусайн Ал Мусаллам тақдимот юзасидан фикр билдирар экан, анти-допинг, виза ва авиақатновлар тўғрисида ҳам тўхталиб, ушбу йўналишларни ҳам батафсил ўрганиш кераклиги юзасидан фикр билдирди.
Учрашув якунида мартабали меҳмон Ўйинларга тайёргарлик бўйича ўзининг илиқ фикрларини билдирди. Ҳусусан, барпо этилаётган Олимпия шаҳарчаси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имкониятларини яна бир карра намоён этишини қўшимча қилди.
Жаноб Мусалламнинг мамлакатимизга ташрифи давом этади. Унинг доирасида ўзбек спорти расмийлари билан мавзу бўйича қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.