Ру En O'z
1 Октябрь 2024 373

FIVB Президенти Миллий Олимпия қўмитасида меҳмон бўлди

Айни кунларда Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) Президенти Ари Грасса бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб тургани ҳақида маълум қилган эдик. Мартабали меҳмон бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди.

Учрашувда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ички ишлар вазири, Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Ички ишлар вазири ўринбосари, мамлакат волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.

Даставвал Пўлат Раззоқович Президентимиз бошчилигида юртимизда волейбол спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, федерация раҳбари Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани, волейбол оммавийлигини ошириш бўйича ўтказилаётган турли мусобақалар, маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини ошириш мақсадида ташкил этилаётган семинарлар, терма жамоаларимизнинг рейтинги анча юқорилагани ва унга хорижлик мураббий жалб этилгани ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Адҳам Илҳамович жаноб Грассанинг ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани, волейбол ривожини янги босқичга олиб чиқиш учун унинг оммавийлигини оширишга катта аҳамият қаратилаётгани хусусида тўхталди. Қолаверса, Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидаги муваффақияти ҳақида гапириб, келгуси Олимпиадаларда кўпроқ жамооавий спорт турларида иштирок этиш мақсад қилинганини билдирди. Ўз навбатида, Ойбек Омилович 2025 йил юртимизда ўтадиган ёшлар Осиё ўйинларига улкан ҳажмда тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани, катта ҳудудда Олимпия шаҳарчаси барпо этилаётгани, Ўйинлар дастуридан волейбол спортининг ҳам жой олаётгани унинг ривожи йўлида муҳим туртки бўлишини қўшимча қилди.

FIVB Президенти мамлакатимизда спортга бўлган эътибордан мамнун эканини билдирди. Касби банкир бўлган Ари Грасса бундай лойиҳалар катта маблағ талаб этишини, давлатнинг уни қўллаб-қувватлаши эса яқин вақт ичида ўз самарасини беришига ишонишини таъкидлади.

Суҳбат чоғида волейбол ривожи бўйича қатор лойиҳалар, ўзаро ҳамкорликнинг кейинги қадамлари борасида фикр алмашилди. Мартабали меҳмон ташрифи давомида юртимиздаги спорт инфратузилмаси билан яқиндан танишади.

Text to speech