WAKO Президенти Миллий Олимпия қўмитасида меҳмон бўлди
Айни кунларда диёримиз кикбоксинг бўйича Жаҳон кубоги баҳсларига мезбонлик қилаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Бугун мусобақанинг мартабали меҳмонлари — Жаҳон кикбоксинг ассоциацияси (WAKO) Президенти Рой Бейкер, ХОҚ томонидан тан олинган халқаро спорт федерациялари ассоциацияси (ARISF) Президенти Рафаелле Кюлли Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди.
Меҳмонларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди ва уларга ўзбек спортининг сўнгги йилларда эришган улкан ютуқлари хусусида маълумот берди. Томонлар иштирокида кечган учрашувда ўзаро ҳамкорлик масаласига оид қатор мавзулар кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида жаноб Бейкер WAKO Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турларидан бири экани, ҳозирда ушбу спорт бутун дунёда жадал суратда ривожланиб бораётгани хусусида тўхталиб ўтди. Қолаверса, у Тошкент биринчи бор қабул қилаётган Жаҳон кубоги ҳам юқори савияда ўтказилаётганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, Ойбек Омилович давлатимиз томонидан барча спорт турларига бирдек эътибор қаратилиши, кикбоксинг ёшларимизнинг севимли спорт турларидан бирига айланиб бораётганини таъкидлади. Жаноб Бейкер 2 йил муқаддам юртимизга ташриф буюрган эди. МОҚ Бош котиби меҳмонга ушбу кичик даврда ўзбек спортида эришилган катта ютуқлар ҳақида батафсил гапириб берди.
Суҳбат якунида томонлар ҳамкорликнинг келгуси қадамларини кўриб чиқиш борасида фикр алмашишди.