Харбин қишки Осиё ўйинлари иштирокчиларини чорлайди
2025 йилнинг 7-14 февраль кунлари Хитойнинг Харбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Шу муносабат билан 23-25 сентябрь кунлари Харбинда бўлажак мусобақа олдидан делегация вакиллари учун семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ходимлари ҳам қатнашишди.
Семинарда ташкилий қўмита Ўйинларни ўтказиш бўйича батафсил маълумот берди. Хитой томони беллашувлар Харбин ва Ябули шаҳарларида ташкил этилиши билдирди. Режага кўра, Харбинда муз устида кечадиган баҳслар ўтказилса, Ябулида очиқ ҳаводаги беллашувлар ташкил қилинади.
Семинар давомида меҳмонлар мусобақа ўтказиладиган объектлар, делегация аъзолари яшайдиган меҳмонхоналарга ташриф буюриб, яратиладиган шароитлар билан танишди.
Қайд этиш жоиз, Ўйинлар давомида ташриф буюрувчилар учун турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилиши ҳам режалаштирилган. Улардан бири ҳар йили Харбинда ўтказиладиган муз ҳайкаллар фестивали бўлиб, бу Ўйинларнинг алоҳида ташриф қоғозига айланиши кутилмоқда.