Янги Ўзбекистоннинг “олтин” Олимпиадаси
Жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари Франциянинг Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Дунёнинг 206 мамлакатидан ташриф буюрган энг кучли атлетлар иштирокидаги Ўйинларда Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишга муваффақ бўлди. Музаффар атлетларимиз муросасиз беллашувлар давомида 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль қўлга киритиб, Янги Ўзбекистон қаҳрамонларига айланишди.
Бу натижа билан делегациямиз умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллади. Осиёда тўртинчи, шунингдек, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.
Бу қўлга киритилган муваффақият тасодифан бўлиб қолгани йўқ. Президентимизнинг ҳар бир соҳа қатори спортни ҳам қўллаб-қувватлашлари, ушбу йўналишни ич-ичидан билишлари ва кўрсатаётган эътиборлари атлетларимизнинг бугунги кундаги улкан муваффақиятларига асос бўлмоқда.
Париж-2024 Олимпиадаси цикли давомида мамлакатимизда ўтказилган дзюдо, таэквондо, бокс бўйича жаҳон чемпионатларида терма жамоаларимиз ўзларининг энг юқори натижаларини қайд этишди. Шунингдек, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар жамғариш бўйича ўз тарихидаги энг яхши кўрсаткичини янгилади. Бу Парижга кўрилаётган тайёргарлик режа асосида давом этаётганидан далолат берарди.
Қолаверса, хотин-қизлар спортига қаратилаётган эътиборга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли. Аёл спортчиларимиз сўнгги бор 2008 йил Пекин шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида шоҳсупага кўтарилишган эди. Ўшанда Екатерина Хилько трамполин дастурида бронза медалини қўлга киритди. Парижда эса дзюдочимиз Диёра Келдиёрова ғалаба қозониб, ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган биринчи ўзбекистонлик аёл спортчига айланди. Шунингдек, таэквондочимиз Светлана Осипова кумуш медални қўлга киритди.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик давомида ҳар бир терма жамоамизга барча шароитлар яратиб берилди. Буни уларнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишлари, зарур тиббий-фармакологик воситалар билан таъминланганлари, моддий-техник базаларнинг яхшилангани, Олимпия ўйинларига тайёргарлик циклида терма жамоага жалб этилган мураббийлар, асосий ва захира таркиб спортчиларнинг моддий қўллаб-қувватлангани ва бошқа кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Натижада, атлетларимиз тарихда илк бор ёзги Олимпия ўйинларига 19 та спорт турида 90 нафар спортчи билан 75 та йўлланма жамғаришга муваффақ бўлдилар. Яъни, бу йилги Олимпия ўйинларида спорт турлари географияси сезиларли даражада кенгайди. Делегациямиз футбол, камондан отиш, аёллар кураши ва сувга сакраш дастурларида тарихда биринчи бор тўрт йилликнинг энг муҳим стартида иштирок этди.
Халқаро майдонда юқори натижа қайд этишда соҳадаги сўнгги методикадан фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Шу боис деярли барча терма жамоаларимизга хорижлик мутахассислар жалб этилди. Бокс, дзюдо, спорт курашлари, оғир атлетика, эшкак эшиш, замонавий бешкураш, қиличбозлик, велоспорт, камондан отиш, сузиш ва сувга сакраш бўйича жамоаларимизда ўз соҳасида улкан тажрибага эга бўлган хорижлик мутахассислар фаолият олиб боришди.
Ортда қолган Ўйинлар эришган муваффақиятларимиз билан бирга қайси соҳаларда янада ривожланишимиз кераклигини кўрсатиб берди. Мутахассислар билан барчасини таҳлил қилиб, келгуси комплекс мусобақаларга хатолардан хулоса чиқарган ҳолда тайёргарлик кўрамиз. Бунда жамоавий спорт турларини ривожлантириш эътиборимиз марказида турадиган алоҳида йўналиш бўлади.
Шу ўринда, Ўзбекистон сўнгги йилларда катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини қабул қилиш орқали ҳам спорт соҳасидаги имкониятларини бутун дунёга намойиш этмоқда. 2021 йил оғир атлетика, 2022 йил дзюдо, 2023 йил бокс, жорий йил эса байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатлари пойтахтимизда юқори савияда ташкил этилди. Бир неча кундан сўнг диёримиз футзал бўйича дунё биринчилигига мезбонлик қилади. 2025 йил эса Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўсмирлар Осиё ва Пара Осиё ўйинлари ўтказилади.
Ҳозирда бутун Республикамиз бўйлаб мазкур мусобақага юқори даражада тайёргарлик кўриш бўйича катта иш олиб борилмоқда. 2022 йилнинг 9 ноябрь куни Муҳтарам Юртбошимиз Тошкентдаги 100 гектар майдонда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасининг қурилишига тамал тоши қўйдилар. Ушбу бунёдкорлик лойиҳаси келажакда ўзбек спорти учун илмий-амалий машғулотлар марказига айланади ва унинг ривожини янги босқичга олиб чиқишда ягона кластер бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, шаҳарча терма жамоаларимизни келгусида кутиб турган Лос-Анжелес-2028 ва Брисбен-2032 ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлашда асосий базага айланади.
Қуйида Ўзбекистон делегациясининг мазкур Олимпия ўйинларидаги иштирокига оид фактлар келтириб ўтилади:
Ўзбекистон делегацияси XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида ўз тарихида энг яхши натижани қайд этиб, 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллади;
Ўзбекистонлик аёл спортчи (Диёра Келдиёрова) илк бор ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди;
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк маротаба Олимпия ўйинларида 5 та олтин медалга сазовор бўлди ва мазкур спорт турида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади;
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси биринчи маротаба Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди. Унга Диёра Келдиёрова муаллифлик қилди;
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк бор Олимпия ўйинларида 3 та медалга сазовор бўлди;
Биринчи бор ўзбекистонлик аёл спортчи (Светлана Осипова) Олимпия ўйинларининг таэквондо WT баҳсларида шоҳсупага кўтарилди;
Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси илк маротаба Олимпия ўйинларида 2 та медалга сазовор бўлди;
Акбар Жўраев Олимпия ўйинларида икки маротаба совриндор бўлган биринчи ўзбекистонлик оғир атлетикачига айланди;
Олимпиада ғолиблари Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов ва Улуғбек Рашитов икки карра Олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлишди;
Бадиий гимнастикачиларимиз Олимпия ўйинларида гуруҳ машқи дастурида биринчи маротаба финал босқичида иштирок этишди;
Бир Олимпиадада илк маротаба ўзбекистонлик икки нафар аёл спортчи шоҳсупага кўтарилди.