“Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида конференция бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги “HILTON” меҳмонхонасида “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни паралимпия спорт турлари билан кенг қамраб олиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятга интеграция қилиш мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуд Болтабоев, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда “Спорт ҳамма учун” лойиҳаси доирасида бир йилда бир марта параспорт халқаро фестивали, ҳар йили 3 декабрь куни республика ва ҳудудий параспорт фестиваллари, таниқли спортчилар томонидан мастер-класслар, шунингдек, семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилиши белгилаб қўйилган. Мазкур конференция ана шу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Азиз Абдуҳакимов тадбирни очар экан, конференцияда иштирок этаётган мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, паралимпия спорт турларини оммавийлигини таъминлаш, бу масалага давлат ва ҳукумат даражасида аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, конференцияда сўзга чиққан Мажид Рашид мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган юксак эътибордан мамнунлигини изҳор этиб, Осиё минтақасида Паралимпия спорт турларини ривожланиши тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди ва конференция ишига муваффақият тилади. Айниқса, меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш борасидаги ишлари, хусусан, паралимпиячиларни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлаётганини олқишлади.
Шунингдек, конференция доирасида Маҳмуд Болтабоев, Осиё Паралимпия қўмитаси ижрочи директори Тарек Соуэ, Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов соҳага оид долзарб мавзуларда маъруза қилишди.
Унда кўтарилган вазифалар ижросини таъминлаш, спортга қизиқувчи имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, иқтидорлиларини нуфузли мусобақаларда иштирокини таъминлаш, шу орқали Параосиё ва Паралимпия терма жамоалари учун захиралар тайёрлаш тизимини йўлга қўйишга эътибор қаратилди.
Конференция якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар амалиётга жадал татбиқ этиладиган бўлди.