“Спорт ҳамма учун” гимнастрадаси 400 нафар спорт ихлосмандларини бирлаштирди
Бу йилги “Халқаро Олимпия куни” ҳам бутун Республикамизни қамраб олмоқда. Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан бу йилги тадбир Сирдарё вилоятида оммавий гимнастрада билан нишонланди.
Мусобақа “Спорт ҳамма учун” шиори остида ўтказилди. Гулистон шаҳридаги Болалар-ўсмирлар гимнастика спорт мактаби мезбонлик қилган мазкур тадбирда шиорга мос равишда Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 400 нафар турли ёшдаги вакиллар қамраб олинди.
13 жамоа ушбу соғломлаштирувчи тадбирда турли дастурни намойиш этишди. Ҳакамлар томонидан юқори баҳоланган қатнашчиларга ХОҚ президенти Томас Бах ва МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмоновнинг имзолари туширилган дипломлар топширилди.
Қайд этиш жоиз, спорт гимнастикасида Расулжон Абдуллаев, Оксана Чусовитина, шунингдек, бадиий гимнастикадан Сабина Ташкенбаева ҳамда 5 нафар қизларимиз гуруҳ машқларида Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритишган. Тадбир иштирокчилари бўлажак Олимпиадада гимнастикачиларимизни қўллаб-қувватлашларини билдириб ўтишди.