Ру En O'z
30 Август 2024 612

Юртимиз тарихидаги энг зўр Олимпиада якунлари ОАВ ходимлари билан сарҳисоб қилинди

Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов иштирок этиб, ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Тадбир аввалида Шаҳрулло Шарипович барчани расмийлар номидан Мустақиллик байрамининг 33 йиллиги билан самимий қутлади. Вазир ўринбосари Ўзбекистон делегациясининг ортда қолган Ўйинларда эришган муваффақияти, қайд этган улкан натижалари бутун халқимизга ғурур ва ифтихор бағишлаганини таъкидлади. Шунингдек, Ойбек Омилович ушбу ғалабага Президентимиз ва давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаб туриши ортидан эришилгани, куни кеча Муҳтарам Юртбошимизнинг қабулида янги марралар белгилаб олинганини қўшимча қилди.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари расмийларга ўз саволлари билан мурожаат қилишди. Унда Равшан Сайфуддинович футбол жамоамизнинг иштирокидан тегишли хулоса чиқарган ҳолда келгуси Олимпия ўйинларига янада кучли тайёргарлик кўрилиши, бошқа жамоавий спорт турларини ривожлантиришга ҳам аҳамият берилиши хусусида гапириб ўтган бўлса, Шерзод Рихсибаевич спортчиларимизни Олимпия ўйинларига тизимли тайёрлаб бориш тартиби, атлетларимизнинг муваффақиятидан сўнг таэквондо мисолида спорт билан шуғулланувчи ёшлар сони кескин ортгани ҳақида гапирди. Азиз Якубжанович дзюдо бўйича терма жамоага жалб қилинган хорижлик мураббийлар ишончни оқлашгани, келгуси Олимпиадага тайёргарликда ушбу тажрибага асосланган ҳолда халқаро мутахассисларни янада кўпроқ жалб этиш кўзда тутилганини билдирди.

Тадбир давомида О.Касимов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликда бюджет маблағлари мақсадли йўналтирилгани, терма жамоаларни молиялаштириш тизими ҳақида маълумот берди. Шунингдек, келаси йил мамлакатимизда ўтадиган Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига катта ҳажмда ҳозирлик кўрилаётгани, ташкилий ишлар бўйича Токио-2020 ва Париж-2024 ёзги Олимпия, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларидан тегишли хулосалар чиқарилгани борасида қўшимча фикрлар билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида илк бор 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль қўлга киритиб, 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллади.

Text to speech