МОҚ раиси спорт базаларидаги эпидемиологик вазият билан танишди
Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тузилган махсус комиссия қарорига биноан, эртадан янги карантин талаблари жорий этилади. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бугун бир қатор спорт базаларига ташриф буюриб, у ердаги вазият билан танишди.
Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик олиб бораётган жамоаларимизнинг аксарияти ҳозирда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри яқинида жойлашган “Янгиобод” ва “Дукент” ўқув-базаларида бўлиб турибди. Ташриф давомида МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков МОҚ раҳбарига ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, унда Ангрен шаҳар ҳокими Шукурулла Маҳмудов ҳам иштирок этди.
Мутасаддилар ташриф давомида бокс, пара-енгил атлетика, спорт курашлари, таэквондо бўйича терма жамоаларимизнинг базаларида бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди. Мураббийлар штаби ва шифокорлар билан учрашиб, ҳозирги эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани боис спортчиларимизнинг саломатлигини сақлаш бўйича зарур чораларни кўриш, базаларда қаттиқ назорат ўрнатиш, карантин талабларига қатъий риоя қилиш бўйича муҳим кўрсатмалар бериб ўтишди.