Ёш хоккейчимиз Салоҳиддин Азимов Россия клуби билан шартнома имзоламоқда
Ўзбек хоккейининг юлдузи бўлиши кутилаётган ёш вакилимиз Салоҳиддин Азимов Россиянинг “СКА-Юность” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Ҳамюртимизнинг истеъдоди таниқли жамоа вакилларининг қизиқишига сабаб бўлди.
Даставвал, хоккейчимиз ҳақида гапириб ўтсак. Салоҳиддин Азимов 2009 йил Тошкентда туғилган. Отаси “Бинокор” хоккей клубининг собиқ вакили Алишер Азимов бўлиб, 5 ёшидан унга мураббийлик қилиб келади. Салоҳиддин бир неча кун мобайнида Екатеринбургнинг “СКА-Юность” клуби ўз машғулотларини ўтказадиган “Дацюк арена”да бўлди. Машғулот давомида ҳамюртимиз россиялик таниқли хоккейчи, Олимпиада ва жаҳон чемпиони, 2 карра Стэнли кубоги соҳиби Павел Дацюк билан учрашиб, жаҳон юлдузидан керакли тавсияларни олишга ҳам муваффақ бўлди.
Ҳамюртимиз бунгача “Бинокор” ва Қозоғистоннинг “Стрижи” клублари сафида ҳаракат қилган эди. Азимов 2018 йил «Стрижи» сафида мамлакат чемпионилигини қўлга киритган. Салоҳиддин янги мавсумдан Россияда ўз маҳоратини намойиш этади. Азимов “СКА-Юность”да 88-рақам остида ҳаракат қилади. Регламентга кўра, жамоа аввал Свердловск вилояти чемпионатида, унда совриндорлар қаторидан жой олган тақдирда Россия чемпионатида иштирок этади. Ўтган мавсум “СКА-Юность”нинг 2008 йилги вакиллари мамлакат чемпионлигини қўлга киритган бўлиб, жамоа бу йил ҳам чемпионликни асосий мақсад қилиб қўйган.
Ҳозирда Азимов клуб таркибида тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди ва яқин вақт ичида жамоа билан шартнома имзолайди.
Президентимизнинг ёш спортчиларга қаратаётган эътибори, улар учун яратилган шароитлар сабаб мана шундай истеъдодли ёшларимиз етишиб чиқмоқда. Ёш хоккейчимизнинг янги жамоадаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.