Ру En O'z
26 Август 2024 410

Аралаш жанг санъати бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи кўриб чиқилди

Шу кунларда Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси (IMMAF) президенти Керрит Браун пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди. Бугун Спорт вазирлигида мартабали меҳмон билан бир қатор истиқболли режалар муҳокама қилиб олинди.

Учрашувда вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов иштирок этишди.

Даставвал, жаноб Браун мезбонларни Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида эришган улкан муваффақияти билан қутлади. Лос-Анжелес-1984 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори бўлган собиқ дзюдочи юртимиз яккакураш турларида жаҳоннинг етакчи давлатлари орасидан мустаҳкам ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, спортимиз расмийлари бу каби натижалар ортида Президентимизнинг соҳага эътибори ва ғамхўрлиги турганини билдиришди. Шунингдек, мамлакатимиз йирик мусобақалар, хусусан, кўплаб спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларини юқори савияда ўтказаётганини ҳам қўшимча қилишди.

Қайд этиш жоиз, Керрит Браун 2021 йил мамлакатимизга амалга оширган ташрифи давомида яқинлашиб келаётган жаҳон чемпионатларидан бирини Ўзбекистонга топшириш ғояси илгари сурилган эди. Бугунги суҳбат давомида ушбу таклифни амалга ошириш бўйича илк қадамлар батафсил муҳокама қилинди.

Text to speech