Спортимиз фидойилар юксак давлат мукофотлари билан тақдирланишди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонни имзолади. Қувонарлиси, мукофотга сазовор бўлганлар орасида спорт соҳасининг бир неча вакиллари ҳам бор.
Фармонга биноан, Спорт вазири Адҳам Икрамов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, мамлакат чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов “Содиқ хизматлари учун” медали, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев «Дўстлик» ордени билан тақдирланишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юксак давлат мукофотига сазовор бўлган соҳа мутахассисларини муборакбод этиб, уларнинг келгуси фаолиятида янада улкан муваффақиятлар тилайди.