Diyora Keldiyorova Ijtimoiy himoya milliy agentligining masʼuliyatli lavozimiga tayinlandi
Дзюдо бўйича Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Чемпион спортчимиз билан учрашувда Агентлик раҳбари Мансурбек Оллоёров ҳамда унинг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Диёра Келдиёровани қутлаб, хизмат гувоҳномасини тантанали равишда топширишди.
Ш.Ш. Мирзиёева Диёранинг Олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканлигини кўрсатиб берганини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, чемпион спортчимиз ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишини қўшимча қилди.