Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти Олимпия шаҳарчасининг бугунги ҳолатини кўздан кечиришди
Айни пайтда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов қурилиш ишларини кўздан кечиришди.
Ўрганиш давомида мутасаддилар объектларнинг бугунги кундаги ҳолати билан яқиндан танишишди. Уларга жараён учун масъул мутахассислар бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот беришди. Қайд этиш жоиз, ҳозирги кунга келиб, металл конструкция ишлари аллақачон якунланган бўлиб, объектларнинг ташқи қисмини ёпиш жараёни кетмоқда. Қурувчилар ҳар бир деталга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, фойдаланилаётган маҳсулотларнинг аксарияти пишиқ материаллардан тайёрланаётганини қўшимча қилишди.
Суҳбат давомида Ўйинлардан кейин объектлардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам яна бир карра кўриб чиқилди. Расмийлар ўрганиш чоғида иш самарадорлигини ошириш борасида керакли тавсияларни бериб ўтишди.