Ўзбекистон Замонавий бешкураш федерацияси ҳам “Халқаро Олимпия куни”ни ёрқин нишонлади
Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси томонидан Юнусобод туманидаги 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида “Халқаро Олимпия куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Байрамда Юнусобод ва Учтепа туманларидаги БЎСМларнинг 80 нафардан зиёд ёш бешкурашчилар иштирок этишди.
Дастлаб, ёш спортчилар лазер-ран – югуриш ва лазерли тўппончадан ўқ отишни бирлаштирган замонавий бешкураш спорт йўналиши бўйича беллашдилар. Кейин болалар бошловчининг конкурслари ва мусобақалари билан ўйин-кулги дастуридан завқ олишди. Ва ниҳоят, кучни тиклаш учун болалар учун мазали пикник ташкил этилди. Унда спортчиларга “Халқаро Олимпия куни”нинг тарихи, спортнинг одамлар ҳаётидаги ўрни ва соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.