Ру En O'z
13 Август 2024 1860

Париж-2024 қаҳрамонларига Президент совғалари топширилди

26 июль – 11 август кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида ташкил этилган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг қаҳрамонлари жонажон ватанимизга қайтиб келишди. Бугунги кун қаҳрамонлари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти, юзлаб мухлислар, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Танзила Камаловна ҳамда Абдулла Нигматович музаффар атлетларимизни эришган муваффақиятлари билан яна бир карра қутлаб, улар бугунги кунда Ватанимизнинг фахри эканликларини, ҳозирда барча ёшларга ўрнак бўлиб туришганини алоҳида таъкидлашди.

Бундай мақтов ва табрикдан руҳланган Олимпиада чемпионлари Ҳасанбой Дўсматов ва Диёра Келдиёрова, мураббий Тўлқин Қиличев, шунингдек, чемпионларнинг ота-оналари сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан мамнун эканликларини билдиришди.

Тадбирнинг иккинчи қисми Миллий Олимпия қўмитасида ўтди. Унда Париж-2024 қаҳрамонларига давлат раҳбарининг совғалари топширилди. Президент қарорига мувофиқ,

– олтин медаль соҳиблари “CHEVROLET TAHOE” автомобили, 200 минг АҚШ доллари ва хонадон;

– кумуш медаль соҳиблари “BYD SONG PLUS EV CHAMPION” автомобили, 100 минг АҚШ доллари ва хонадон;

– бронза медаль соҳиблари “BYD SONG PLUS DM-I CHAMPION” автомобили, 50 минг АҚШ доллари ва хонадон билан тақдирланишди.

Тадбир якунида қаҳрамон спортчиларимиз сўз олиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан бошлари осмонга етгани, келгусида ҳам янги зафарлар билан жонажон ватанимиз довруғини дунёга танитиш йўлида бор куч-ғайратларини ишга солишларини билдиришди.

Text to speech