Ру En O'z
11 Август 2024 1874

Ўзбекистон делегацияси Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларини ўз тарихидаги энг зўр натижа билан тугатди!

Бир неча кун бутун дунё эътибор марказида бўлган Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ўз якунига етди. Дунёнинг 206 мамлакатидан ташриф буюрган энг кучли атлетлар иштирокидаги Ўйинларда Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишга муваффақ бўлди. Музаффар атлетларимиз муросасиз беллашувлар давомида 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медаль қўлга киритиб, Янги Ўзбекистон қаҳрамонларига айланишди.

Олтин медаль:
Диёра Келдиёрова (дзюдо, -52 кг)
Улуғбек Рашитов (таэквондо WT, -68 кг)
Разамбек Жамалов (эркин кураш, -74 кг)
Ҳасанбой Дўсматов (бокс, -51 кг)
Абдумалик Халоков (бокс, -57 кг)
Асадхўжа Мўйдинхўжаев (бокс, -71 кг)
Лазизбек Мулложонов (бокс, -92 кг)
Баҳодир Жалолов (бокс, +92 кг)

Кумуш медаль:
Акбар Жўраев (оғир атлетика, -102 кг)
Светлана Осипова (таэквондо WT, +67 кг)

Бронза медаль:
Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, -100 кг)
Алишер Юсупов (дзюдо, +100 кг)
Ғуломжон Абдуллаев (эркин кураш, -57 кг)

Бу натижа билан делегациямиз умумжамоа ҳисобида 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллади. Осиёда тўртинчи, шунингдек, МДҲ, Марказий Осиё минтақаси, Ислом бирдамлиги ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида кўплаб жиҳатлар билан спортимиз тарихига муҳрланмоқда. Жумладан, биринчи бор аёл атлетимиз ёзги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлди, боксчиларимиз 5 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди, Олимпиадаларда илк бор дзюдочиларимиз 3 та, таэквондочиларимиз эса 2 та медалга сазовор бўлишди. Гарчи совринли ўринларга кўтарила олмаган бўлсалар ҳам қолган иштирокчиларимиз шиддатли баҳсларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Атлетларимиз Олимпия ўйинларида футбол, сувга сакраш, камондан отиш ва аёллар кураши дастурларида дебют қилди.

Шубҳасиз, бундай натижалар ортида Муҳтарам Президентимизнинг спортга бўлган эътибор ва ғамхўрликлари турибди. Олимпиадага тайёргарлик жараёнида ҳар бир терма жамоаларимизга керакли шароитлар яратиб берилди, хорижлик мутахассислар жалб этилди, зарур тиббий-фармакологик воситалар билан ўз вақтида таъминланди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фурсатдан фойдаланиб Ўйинлар давомида делегациямизга барча шароитларни яратиб берган Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизга, атлетларимизни муросасиз беллашувлар давомида қўллаб-қувватлаб турган барча юртдошларимиз ҳамда мухлислар жамоасига миннатдорчилик билдириб, ҳаммани оламшумул натижалар билан самимий қутлайди.

Унутилмас хотиралар учун раҳмат, Париж!

Text to speech