Ру En O'z
26 Июнь 2021 2054

Миллий Олимпия қўмитаси бир гуруҳ ОАВ вакилларини касб байрами билан қутлади

27 июнь санаси мамлакатимизда Матбуот ва ОАВ куни сифатида кенг нишонлаб келинади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботини ёритишда фаол меҳнат қилаётган бир гуруҳ журналистларни қутлади.

Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, бир гуруҳ ОАВ вакиллари ва фахрий журналистлар иштирок этишди. Тадбирни МОҚ раҳбари ўз нутқи билан очиб берди ва мамлакатимизда спорт тарғиботида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимизни қутлаб ўтди.

“Сизларни кириб келаётган профессионал касб байрамингиз билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз. Муҳтарам юртбошимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиётида Сизларнинг ҳам ҳиссангиз катта. Сизлар доимо олиб борилаётган ислоҳотларни, муваффақиятимизни халқимизга етказиб беришда фаол бўлиб келгансиз. Шу билан бирга, ишимизда йўл қўяётган камчиликларимизни кўрсатаётган дўстимиз бўласизлар. Барчангизга ижодий муваффақият, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шундан сўнг бир гуруҳ матбуот ва ОАВ вакиллари, фахрий журналистларга МОҚнинг байрам совғалари топширилди.

Байрам муносабати билан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ўзини спорт журналисти сифатида синаб кўрди ва бу гал журналистларимиздан ўзи интервью олди.

Ўз навбатида, ОАВ ходимлари кўрсатилган бундай эътибордан мамнун эканликларини билдириб, юртимиз спортчиларининг муваффақиятларини халқимизга танитишда ҳамкорликда ишлашдан мамнун эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Text to speech