Ру En O'z
24 Июнь 2021 1882

Пекин-2022 Олимпиадаси учун имкониятларимиз чамаланди

2022 йилнинг февраль ойида Хитой пойтахти Пекин шаҳрида навбатдаги қишки Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. МОҚ раҳбарияти Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси мутасаддилари билан мазкур Олимпия ўйинларига қўлга киритиладиган йўлланмалар ва қишки спорт турларидаги оммавийликни ошириш масалаларини муҳокама қилди. Йиғилишда МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Искандер Шадиев бошчилигидаги Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, Пекин-2022 Олимпиадасининг саралаш цикли давом этмоқда. Куз фаслида бир қатор спорт турлари бўйича якуний лицензиялар ўйналади. Бу борада спортчиларимиз тоғ чанғиси йўналишида лицензияларни қўлга киритиш имкониятига эга. Суҳбат давомида чанғичиларимизнинг лицензияга эга бўлишлари учун ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди. МОҚ мутасаддилари бу борада барча ёрдамни беришга тайёр эканликларини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, йиғилиш давомида қишки спорт турларини янада оммалаштириш, бунинг учун мавжуд инфратузилмани мустаҳкамлаш, уларни ёшлар орасида оммалаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2026 йил Италияда бўлиб ўтадиган келгуси қишки Олимпиадага кўпроқ йўлланмаларни қўлга киритиш ва бунинг учун қилинадиган амалий ишлар бўйича мулоҳазалар юритилди.

Text to speech