Улар Токиога боришади: Сойлиқ полвони Акбар Жўраев
“Улар Токиога боришади” лойиҳамизни давом эттирамиз. Бугун Сизлар билан оғир атлетика бўйича терма жамоамиз вакили, паҳлавон йигитларимиздан бири Акбар Жўраевнинг сиймосига назар ташлаймиз.
Акбар Жўраев 1999 йил 8 октябрь куни Тошкент вилоятининг Ғазалкент туманидаги Сойлиқ қишлоғида туғилган. Қайд этиш жоиз, ушбу қишлоқ терма жамоамиз учун бир қатор маҳоратли атлетларни етказиб берган. Жумладан, Акбарнинг ўзи оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпиони бўлган акаси Азиз Жўраевга қизиқиб ушбу спортга кириб келган. Биринчи мураббийи Фарҳод Мирзажанов. Токио-2020 Олимпиадасига Баҳром Мендибоев қўл остида тайёрланмоқда.
Спортчимиз халқаро майдондаги илк муваффақиятига 2018 йил эришди. Жўраев ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган эди. Шу йилнинг ўзида Тошкентда ўтган U20 жаҳон чемпионатида эса кумуш медалга эга чиқди. Йил якунида катталар ўртасидаги дунё биринчилигида тўртинчи поғонадан ўрин олди.
2019 йил Тошкентдаги олган ёшлар ўртасидаги ЖЧ кумуш медалини Фижида олтинга айлантирди. Шу йил Паттайя (Таиланд) мезбонлик қилган катталар ўртасидаги дунё биринчилигида силтаб кўтариш машқида иккинчи, икки кураш бўйича эса тўртинчи натижани қайд этди.
Жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимиз мезбонлик қилган Осиё чемпионатида тажрибали Руслан Нурудинов билан рақобат олиб борган Жўраев Олимпиада чемпионига 1 кг фарқи билан имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Шу ой Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан эълон қилинган рейтинг якуни бўйича Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.