Гулноза Матниязова профессионал спортчилик фаолиятини якунлади
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг маҳоратли дзюдочимиз Гулноза Матниязова профессионал спортчилик фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди. Бир неча кундан сўнг 30 ёшни қарши оладиган спортчимиз Рио-2016, Токио-2020 ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари, 3 та Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, “Катта дубулға” ва Гран-при мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Кеча Олимпия ўйинлари доирасида аралаш жамоавий дастурда 3 та терма жамоа вакилларига қарши баҳсда барча беллашувларда ғалаба қозонди ва спортчилик фаолиятини юқори нотада якунлади. Унинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, 2021 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Юртимизда аёллар дзюдосининг янги босқичга кўтарилишида Матниязованинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Зеро, айнан Гулнозага ҳавас қилган юзлаб қизалоқлар дзюдо спортини танлашди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси маҳоратли спортчимизга ажойиб фаолият учун ташаккур билдириб, унга келгусида мустаҳкам соғлик ва омад тилайди.
Унутилмас ва ҳаяжонли дақиқалар, ёрқин ғалабалар учун раҳмат, Гулноза!