Ру En O'z
23 Июнь 2021 2314

Ўзбекистон бокс федерациясида «Олимпия куни»га бағишланган тадбир ўтказилди

23 июнь куни Халқаро Олимпия куни сифатида нишонланади. Хабар берганимиздек, ушбу байрам жорий йил мамлакатимизда Олимпия ҳафталиги сифатида кенг нишонланмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон бокс федерациясида ўтказилди. «Умид ва ишонч» шиори остида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, Чилонзор туман прокурори, Ички ишлар бўлими вакиллари, Тошкент шаҳар ҳокимияти мутасаддилари, Олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров, ёш боксчилар ҳамда ИИВ рўйхатида турувчи уюшмаган ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёшларни спортга қизиқтиришда, соғлом турмуш тарзига чорлашда бундай тадбирларнинг аҳамияти юқори эканлиги ҳақида гапиришди. Унда ёш боксчилар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар, бокс учрашувлари томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Тадбир юзасидан Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев шундай деди:

«Олимпия куни»га бағишлаб Ўзбекистон бокс федерацияси ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу тадбирни ташкил этдик. Унга ёшларни таклиф қилиб, уларни спортга, ҳусусан боксга қизиқтириш, уларни тўғри йўлга бошлаш асосий мақсадларимиздан биридир. Муҳтарам юртбошимиз томонидан спортга, ҳусусан боксга эътибор юқори. Апрель ойида ПҚ-5099 сонли қарор кучга кирди ва биз бундан жуда хурсандмиз. Ушбу қарор бизга фаолият олиб боришимиз учун қўлланма, керакли хужжат бўлади. Мана шундай тадбирлар орқали биз боксимизнинг бугунги ҳолати, ютуқларни ёшларга таништирмоқдамиз ва уларда боксга қизиқиш уйғотмоқдамиз», – деди Муроджон Мамадалиев.

Тадбир якунида боксга оид қизиқарли савол-жавоблар ўтказилиб, йиғилганларга ўзбек бокси тарихи, федерация режалари хусусида маълумотлар берилди.

Text to speech