Ру En O'z
23 Июнь 2021 2211

Янги саҳифа битишда давом этамиз: Дзюдочиларимиз Олимпиадада илк бор 11 та медаллар жамланмаси учун курашишади

Халқаро дзюдо федерацияси Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун якуний рейтинг жадвалини эълон қилди. Қувонарлиси, рейтинг якунига кўра терма жамоамиз бўлажак Олимпия ўйинларида 10 вазн тоифаси ва илк бор аралаш жамоавий йўналишда медаллар учун курашиш имкониятига эга бўлди.

Шак-шубҳасиз, бу ўзбек дзюдоси тарихида яна бир янги саҳифа. Шу пайтгача дзюдо жамоамиз Пекин-2008 (6 эркак ва 2 аёл) ва Рио-2016 (7 эркак ва 1 аёл) Олимпия ўйинларида 8 нафардан дзюдочи билан иштирок этган эди. Токиода эса 7 нафар эркак, 3 аёл ва 1 аралаш жамоавий йўналишда курашамиз. Шу тариқа, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти томонидан йўлга қўйилган янгича тизим, мураббийлар штабининг олиб бораётган самарали фаолияти билан биринчи бор Олимпия ўйинларида 3 нафар дзюдочи қизларимиз билан, шунингдек, аралаш жамоавий йўналишда иштирок этадиган бўлдик. Таъкидлаш жоиз, ушбу йўналишда дунёнинг энг кучли 12 жамоасигина Олимпиадага йўлланма олган холос. Бир неча кун муқаддам жаҳон чемпионатининг аралаш жамоавий йўналишида илк бор шоҳсупага кўтарилганимизни инобатга олсак, Олимпия ўйинларида ҳам дзюдочиларимиз медаллар учун асосий даъвогарлардан бўлишади. Рейтинг якунига кўра, қуйидаги вакилларимиз Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди:

Эркаклар:
-60 кг: Шарофиддин Лутфиллаев (8, рейтингдаги ўрни) ёки Диёрбек Ўрозбоев (27)
-66 кг: Сардор Нуриллаев (10)
-73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев (10)
-81 кг: Шарофиддин Болтабоев (7)
-90 кг: Давлат Бобонов (5)
-100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов (14)
+100 кг: Бекмурод Олтибоев (21)

Аёллар:
-52 кг: Диёра Келдиёрова (12)
-63 кг: Фарангиз Ҳожиева (64, қитъавий квота)
-70 кг: Гулноза Матниязова (23)

Изоҳ: -60 кг вазн тоифасида икки нафар вакилимиз лицензион ҳудудда рейтингни якунлашди. Якунда қайси спортчи иштирок этиши федерация ва мураббийлар штабининг қароридан сўнг аниқ бўлади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси дзюдо оиласини навбатдаги тарихий натижа билан табриклаб, жамоамизга Олимпия ўйинларида ҳам муваффақият тилайди.

Text to speech