Ру En O'z
1 Август 2024 1163

Диёра Келдиёрованинг кимоноси ХОҚ музейидан жой олди

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, дзюдочимиз Диёра Келдиёрова мусобақада курашган кимоносини Халқаро Олимпия қўмитасининг музейига совға қилди. Ўйинларнинг Асосий матбуот марказида ушбу тадбирга бағишланган анжуман ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро дзюдо федерацияси мутасаддилари қатнашишди.

Келдиёрова ёзги Олимпия ўйинларида олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбек аёл спортчисига айланди. Расмийлар мазкур натижа ортида давлатимиз ва Президентимизнинг соҳага қаратаётган улкан эътибори тургани, хотин-қизлар спортининг ривожи янги босқичга чиқаётгани хусусида тўхталишди. Ўз навбатида, Диёра ҳам тарихий чемпионликка эришганидан мамнунлиги, кимониси ХОҚ музейидан жой олаётгани у учун шараф эканини қўшимча қилди.

Тадбир якунида ташкилотчилар ҳам Келдиёровага ўзига хос совға тайёрлашди. Диёранинг дзюдо оламидаги кумири, икки карра Олимпиада чемпиони, франциялик Кларисс Агбенену ҳамюртимизни тарихий ғалаба билан қутлаб, унга ўзининг илиқ тилакларини йўллади.

Text to speech