Ру En O'z
22 Июнь 2021 2185

Ўзбекистонда Олимпия ҳафталиги старт олди

23 июнь – Халқаро Олимпия куни. Ҳозир бутун дунёда ушбу сана муносабати билан турли оммавий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугундан мамлакатимизда ҳам “Халқаро Олимпия куни” доирасида ўтказиладиган тадбирлар старт олди.

Коронавирус пандемияси тўлиқ ортга чекинмаганини инобатга олган ҳолда ушбу байрамни ихчам ва чиройли қилиб ўтказиш кўзда тутилган. 28 июнга қадар давом этадиган ушбу ҳафталикда 15 та федерацияларимиз турли оммавий тадбирлар, қизиқарли мусобақалар ташкил қилишни режалаштирган. Бугун эрта тонгда МОҚ биносида ушбу мусобақалар стартига бағишланган катта флешмоб ўтказилди. Унда Миллий Олимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарияти, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, федерация ва ассоциациялар масъуллари, фахрийлар ва ёш спортчилар жам бўлишди.

Тадбирда мутасаддилар Халқаро Олимпия куни тарихи, унинг ўзига хос аҳамияти, ҳукуматимиз томонидан соғлом турмуш тарзи ва Олимпизм ғояларини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб ўтишди. Шундан сўнг йиғилганларга Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг дунё Олимпия оиласига йўллаган байрам табриги қўйиб берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар билан Халқаро Олимпия кунига бағишланган флешмоб жараёни бўлиб ўтди ва барча эсдалик учун суратга тушишди.

Text to speech