Ру En O'z
21 Июнь 2021 1618

Паралимпия янгиликлари: Бирмингем ва Берлиндан хушхабар, Жиззахда илк бор 5х5 футбол ўтказилди

Ортда қолган ҳафта Паралимпия оиласи учун ҳам бир қатор эътиборли янгиликлар билан эсда қолди. Жумладан, пара-дзюдочиларимиз Бирмингемда, пара-сузувчиларимиз Берлинда муваффақиятли иштирок этишган бўлсалар, Жиззах вилоятида илк бор кўзи ожиз спортчилар ўртасида 5х5 футбол турнири бўлиб ўтди.

Британияда ўтган мусобақада пара-дзюдочиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Бу билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритдик. Шунингдек, вакилларимиз Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун муҳим рейтинг очколарига ҳам эга бўлишди.

Берлинда Жаҳон сериясига кирувчи турнирнинг илк кунида Шоҳсанам Тошпўлатова олтин, Музаффар Турсунхўжаев бронза медалини қўлга киритган эди. Мусобақа давомида Тошпўлатова 200 метрга комплекс усулда сузиш йўналишида яна бир олтин медални ўз ҳисобига ёзиб қўйган бўлса, Турсунхўжаев 100 метрга чалқанча усулда кечган баҳсда кумуш медаль соҳиби бўлди. Шунингдек, Ислом Асланов ва Фирдавсбек Мусабеков жамоамизга мос равишда олтин ва кумуш медалларни келтиришди. Шу тариқа, турнирда 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эга бўлдик.

16-20 июнь кунлари Жиззахда 5х5 футбол бўйича кўзи ожиз спортчилар ўртасида илк бор Республика чемпионати ўтказилди. Унда 10 та жамоа ва 100 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этди. Қизиқарли ва муросасиз кечган финал беллашувида Қашқадарё жамоаси Самарқанд вакилларидан устун келди.

Text to speech