Ру En O'z
22 Июль 2024 507

Президент Шавкат Мирзиёевга оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан ахборот берилди

Президент Шавкат Мирзиёевга оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан ахборот берилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашнинг муҳим омили сифатида мамлакатимизда спорт кенг ривожлантирилмоқда. Бунинг учун стадионлар, машғулот заллари, “workout” майдончалари, югуриш йўлаклари, спорт мактаблари ва мажмуаларидан иборат улкан инфратузилма бор.

Маҳаллалардаги соғлом муҳит, ҳудудий мусобақалар, “Беш ташаббус олимпиадаси” таъсирида спортсеварлар сафи кенгайиб бормоқда. Шу билан бирга, ёшлар орасидан қобилиятлилари саралаб олиниб, маҳоратли профессионал спортчилар тайёрланмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида бу соҳа бўйича ҳам кўплаб вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, умумий таълим муассасалари бирламчи спорт жиҳозлари билан таъминланди. Маҳаллалардаги стадионлар ва бошқа спорт майдончаларидан фойдаланиш вақти узайтирилди. 10 миллион аҳолини оммавий спортга жалб қилиш мақсадида жойларда футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика, кураш каби спорт турлари бўйича беш босқичли мусобақалар ўтказилмоқда.

Ҳудудларда спорт учун шароитларни кенгайтириш, селекция жараёнларини рақамлаштириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш борасидаги ишлар ҳам қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарига XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ҳам ахборот берилди.

Маълумки, ушбу нуфузли мусобақа 26 июль – 11 август кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 206 та мамлакатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этади.

Ўзбекистондан 19 та спорт тури бўйича жами 90 нафар спортчи қатнашади. Аҳамиятлиси, анъанавий спорт турларидан ташқари бу йил илк бор футбол, сувга сакраш, камондан отиш, аёллар кураши бўйича ҳам йўлланмалар олинган. Қолаверса, бу йилги олимпиячиларимизнинг 36 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Терма жамоаларимиз ушбу нуфузли мусобақага юқори даражада ҳозирлик кўрди. Ҳар бир спортчи бўйича индивидуал стратегия қабул қилиниб, уларнинг саралаш мусобақаларидаги, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди. 15 та олимпия ва паралимпия марказида ҳамда вилоятлардаги спорт базаларида тайёргарлик учун зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, спортчилар мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий-биологик таъминот ва фармакология йўналишларида тизимли чоралар кўрилди.

Давлатимиз раҳбари Олимпия ўйинларида спортчиларимизга муваффақият тилади. Мутасаддиларга иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манба: president.uz

Text to speech