Ру En O'z
16 Июль 2024 1403

Париж-2024 тайёргарлигининг сўнгги босқичи, адолатли танлов, ёхуд бўлажак Олимпия ўйинлари олдидан ўтказилган матбуот анжуманининг тафсилотлари

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг расман старт олишига роппа-роса 10 кун қолди. Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясининг мазкур Олимпиададаги иштироки олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Сакен Полатов, Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Вазир анжуманни очиб берар экан, 3 йил давом этган циклда Президентимиз ва давлатимиз томонидан терма жамоаларимизнинг тайёргарлиги учун барча шароитлар муносиб тарзда яратиб берилгани, бунга жавобан ўзбек спорти тарихида илк бор 19 спорт турида 90 нафар атлет билан 75 та йўлланма қўлга киритилганини, қолаверса, делегациямиз футбол, аёллар кураши, сувга сакраш ва камондан отиш дастурларида дебют қилишини билдирди. МОҚ Бош котиби спорт федерация ва ассоциациялари билан ҳамкорликда улкан иш олиб борилгани, бунинг натижасида тайёргарлик цикли юқори кўрсаткичлар билан якунлангани ҳақида тўхталди. Шунингдек, Ойбек Омилович Халқаро Олимпия қўмитаси ва Ўйинларнинг ташкилий қўмитаси билан мунтазам равишда алоқа йўлга йўлга қўйилгани, делегация аъзолари, спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратиб берилишини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Равшан Ирматов футболчиларимизнинг тайёргарлиги, режалар хусусида батафсил гапириб ўтди. Шунингдек, Сакен Полатов бокс, Азизжон Камилов дзюдо мисолида спортчиларимизнинг тайёргарлиги якуний паллага киргани, барча жамоаларимиздан юқори натижалар кутилаётгани хусусида гапириб ўтишди.

Июнь ойида ўтган эркин кураш бўйича Будапешт Гран-присининг олтин медаль соҳиби Разамбек Жамалов Бекзод Абдураҳмоновнинг ўрнига бўлажак Олимпиадада -74 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шерзод Ташматов ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, танлов соғлом рақобат ва адолатли мезонлар асосида, мураббийлар штаби томонидан курашчиларнинг бугунги кундаги спорт формасидан келиб чиқиб амалга оширилганини таъкидлади.

Анжуман давомида журналистлар делегация олдига қўйилган вазифа, спортчиларимизнинг бугунги кундаги ҳолати, бўлажак баҳсларда фаолият олиб борадиган ўзбекистонлик ҳакамлар ва бошқа йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Бугун Ишчи гуруҳининг дастлабки қисми Францияга пойтахтига йўл олди. Асосий делегация 23 июль санасида Парижга жўнаб кетиши режалаштирилган.

Text to speech