Париж-2024 лицензиатлари: Ўзбек енгил атлетикасининг келажаги Шарифа Давронова
Ёш ва умидли спортчимиз Шарифа Давронова 17 ёшида Олимпия ўйинларида дебют қилади. Икки йил аввал U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида рақибаларини улкан фарқ билан ортда қолдирганча катта саҳнага чиққан самарқандлик спортчимиз Парижда ҳам барчани ҳайратга солишига ишонамиз.
Давронова Шарифа Жамшеровна 2006 йил 27 сентябрь куни Самарқанд вилоятида туғилган. 2019 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Музаффар Каримов. Шарифа 2019 йил ўсмирлар, 2020 йил катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатида уч ҳатлаб сакраш дастурида ғалаба қозонган. Шундан сўнг кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келяпти. Икки йилдирки ёшлар ўртасидаги қитъа биринчиликларида ғолибликни ҳеч кимга бермаяпти. 2022 йил Колумбияда ўтган U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида, 2023 йил Қозоғистонда ташкил этилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлган. Кўрсатган натижалари эвазига “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Давронова Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси (World athletics) томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, уч ҳатлаб сакраш дастурида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланди.