Ру En O'z
10 Июль 2024 759

Расмийлар Олимпиадага жўнаб кетаётган футболчиларимизга омад тилашди

Эртага футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Францияга йўл олади. Бугун Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти масъулиятли сафар олдидан жамоамиз билан учрашиб, йигитларимизга оқ йўл тилашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, мамлакат футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов иштирок этишди.

Расмийлар ўзбек спортида тарихий йўлланмага сазовор бўлган жамоамиздан бўлажак Олимпиадада ҳам улкан ғалабалар кутишларини, бунинг учун давлатимиз барча шароитни яратиб беришини таъкидлашди. Ўз навбатида, бош мураббий Тимур Кападзе ҳам жамоа Францияга фақат ва фақат Олимпиада медаллари учун йўл олаётгани, йигитлар барча ўйинда бор имкониятларини ишга солишларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, футболчиларимиз Олимпия ўйинларидаги иштирокларини 24 июль куни Испанияга қарши баҳс билан бошлашади. Унгача жамоамиз 15 июль куни Гвинея, 18 июлда эса Янги Зеландия қарши иккита назорат учрашувини ўтказади.

Text to speech