Велоспортчиларимиз нуфузли турнирдаги иштирокларини бошлашади
Бугун Италия йўллари бўйлаб аёллар ўртасида ўтказиладиган “Giro dʻItalia” кўпкунлик велопойгаси старт олади. Маълум қилганимиздек, унда юртимизнинг “Tashkent City Womens Professional Cycling Team” жамоаси илк бор бундай нуфузли турнирда дебют қилади.
Яна бир аҳамиятли томони, “Tashkent City Womens Professional Cycling Team” мазкур мусобақада қитъамиз номидан иштирок этадиган ягона жамоа бўлади. 14 июлга қадар давом этадиган беллашувларда Анна Кускова, Маргарита Мисюрина, Ольга Забелинская, Янина Кускова, Нафосат Козиева, Мадина Қаҳҳорова ҳамда Моҳинабону Элмуродова қатнашишади. Мазкур старт Париж-2024 лицензиатлари Янина Кускова ҳамда Ольга Забелинская учун Олимпиада олдидан сўнгги мусобақа бўлади.
Дастурга кўра, бугун пойгачилар Брешиа шаҳрида биринчи босқич баҳсларини ўтказишади. Индивидуал вақт пойгаси йўналишида кечадиган беллашувда спортчилар 15,7 км масофани босиб ўтишади. Бўлажак турнирда ҳамюртларимизга омад тилаймиз!