Бугун Ахбор Имомхўжаев хотира турнири старт олади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томонидан 2 июль – Халқаро спорт журналистлари куни муносабати билан ўзбек футбол шарҳловчилиги мактаби асосчиси, юртимиз футболи ривожига улкан ҳисса қўшган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ахбор Имомхўжаев хотирасига бағишланган футбол турнири ўтказилиши йўлга қўйилган эди. Бугун жорий йилги хотира турнири старт олади.
10 июлга қадар давом этадиган мусобақада Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва «Пахтакор» фахрийлари, “Тонг II” фахрийлар жамоаси, спорт журналистлардан ташкил топган «Журналистлар» жамоаси, Ахбор Имомхўжаевнинг фарзандлари ҳамда набираларидан ташкил топган «Сулола» жамоаси, шунингдек, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази, «Шарҳловчилар», kun.uz ва championat.asia жамоалари бош соврин учун кураш олиб боришади. Ўйинлар «Бунёдкор» клуби академиясининг майдонларида бўлиб ўтади.