Париж-2024 лицензиатлари: Осиё ўйинлари совриндори Ҳалима Қурбонова
Жорий Олимпиада циклида ўзбек дзюдосида нафақат эркаклар, балки аёллар терма жамоасида ҳам олтин авлод етишиб чиқмоқда. Зеро, дзюдочи қизларимиз биринчи бор Олимпия ўйинларига нақд 5 та йўлланма қўлга киритишди. Бугун мана шу авлод вакилларидан бири Ҳалима Қурбонова билан яқиндан танишамиз.
Қурбонова Ҳалима Ҳасан қизи 2002 йил 4 январь куни Хоразм вилояти Боғот туманида дунёга келган. 2017 йилдан халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Мураббийи Шоира Машарипова. Қурбонова турли ёш тоифаларидаги Осиё чемпионатларида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, “Катта дубулға” турнирларида 2 та бронза медалини қўлга киритган. Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган.
Қурбонова Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра -48 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.