Париж-2024 лицензиатлари: Икки карра жаҳон чемпионати совриндори Алишер Юсупов
Сўнгги икки дунё биринчилигида энг оғир вазн тоифасида кетма-кет шоҳсупага кўтарилиб келаётган Алишер Юсупов ўзбек дзюдосининг юлдузларидан бири Абдулло Тангриевга муносиб ворис бўлиб етишиб чиқаётганини кўрсатди. Бугун Тедди Ринер каби афсоналар билан бир даражада курашаётган Хоразм ўғлони эътиборимиз марказида бўлади.
Юсупов Алишер Халимбоевич 1998 йилнинг 27 ноябрь куни Хоразм вилояти Урганч туманида таваллуд топган. 2017 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Жамшид Худойберганов. Юсупов Гран-при турнирларининг 1 та бронза, қитъа чемпионатларининг 1 та кумуш ва 2 та бронза, “Катта дубулға” мусобақаларининг 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларининг 1 та кумуш ва 1 та бронза, Мастерс турнирининг 1 та бронза, жаҳон чемпионатларининг эса 2 карра бронза медали соҳиби ҳисобланади. Кўрсатган натижалари эвазига “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Юсупов Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра +100 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.