Ру En O'z
4 Июль 2024 248

Забардаст ўзбек ўғлони Мираброр Усмоновни хотирлаб

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси собиқ президенти Мираброр Зуфарович Усмонов 1947 йилнинг 4 июль куни таваллуд топган эди.

Мираброр Зуфарович 2006-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари сифатида, 2013-2017 йилларда Миллий Олимпия қўмитаси, 2015-2018 йиллар давомида эса Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти сифатида самарали фаолият олиб борди.

Мираброр Усмонов раҳбарлик йилларида миллий спортимиз, хусусан футбол Осиё қитъасида ўз обрў ва эътиборига эга бўлди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар ҳамда ўсмирлар терма жамоалари 5 бора Жаҳон чемпионатларида иштирок этишга муваффақ бўлди. Қолаверса, мамлакатимиз турли ёш тоифаларида 5 та Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Шунингдек, Мираброр Усмонов ташаббуси билан юртимизда мавжуд инфратузилма яхшиланди, бир нечта стадионлар, спорт иншоотлари барпо этилди.

Юрт спорти ривожи йўлидаги хизматлари учун Мираброр Зуфарович “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган.

Ўз ишининг чин фидойиси сифатида катта ҳурматга сазовор бўлган Мираброр Зуфарович ўзбек футболининг ривожи йўлида улкан ишларни амалга оширганини миллий спортимиз жамоатчилиги асло унутмайди.

Манба: Uzbekistan Football Association

Text to speech